Ободлик йўлида
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ кинология бўлинмасида кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ўқ отиш, машғулотлар майдонлари, питомник ва ҳудудни обод қилиш чоралари кўрилаяпти. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ушбу ишларнинг бориши билан танишди.
Маълум қилинишича, ўқ отиш майдончаси атрофи обод қилиниб, тўсиқлар алмаштирилади. Хизмат ити билан машғулот олиб бориш майдончаси ҳам таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланади. Бошқарма бошлиғи ушбу ишларни кўздан кечириш чоғида ўқ отиш машғулотларини кузатиш биноси томини ёпиш кераклигини, ҳудудни обод қилиш, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазиш зарурлигини уқтирди. Бинолардаги шароитлар билан танишув чоғида қурувчи ва усталар билан суҳбатда бўлиб, қурилиш, таъмирлаш ишларини жадаллаштириш ва белгиланган муддатларда якунлаш кераклигини таъкидлади.
Адирлик қўйнида жойлашган масканда ёғингарчилик вақтлари сел сувлари билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Ушбу сув йўлларини хавфсиз йўналишга буриш, ободлик ишларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклади.
Шу кунларда вилоят ҳудудидаги ички хўжалик йўлларини шағаллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Вилоят ИИБ бошлиғи Чимқўрғон карьеридан шағал олиб кетилиши жараёнини ҳам кўздан кечирди. Ўрганиш асносида қўшимча техникалар, ёнилғи маҳсулотлари ажратиш, шағал ётқизишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди. Йўлларда автомашиналарнинг ҳаракатланишини назорат қилиш ва ҳайдовчиларга йўриқномалар бериб бориш орқали ҳаракат хавфсизлигини таъминланишига ҳам диққат қилинди.