Очиқ мулоқотда муаммолар ечилмоқда
ИИВ ўринбосари, полковник Яхёжон Абдулхаков ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зарбдор туманида Шодлик, Наврўз ва Дўстлик маҳаллалари аҳолиси билан учрашди. Тадбирда тумандаги барча секторлар раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар масъуллари иштирок этишди. Мулоқотда аҳолига қулай шароит яратиш, маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилмани яхшилаш, хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал қилиш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар тилга олинди.
Бундан ташқари электр таъминотида вақти-вақти билан кузатилаётган узилишларнинг сабаблари тушунтирилди. Табиий газ ва электр энергиясидан тежамкорлик билан хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш зарурлиги айтилди. 3- секторга қарашли Дўстлик маҳалласи аҳолисини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган ичимлик суви билан боғлиқ масала юзасидан кўрилаётган чоралар ҳам маълум қилинди. Ўз навбатида фуқаролар ушбу бунёдкорликлардан мамнун ҳолда мавжуд муаммоларини баён этишди. Хусусан, Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Насиба Шодмонованинг моддий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати ҳал этиладиган бўлди.
Вазир ўринбосари ва бошқарма бошлиғи Зомин тумани Даштобод деҳқон бозорида янги йил байрами муносабати билан ташкил қилинган савдо ярмаркасини ҳам кўздан кечиришиб, тадбиркорлар билан суҳбатда бўлишди. Айтиш жоиз, ушбу ярмаркада 20 дан зиёд савдо ўринлари яратилиб, барча турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган ҳолда сотилмоқда. Бундан ташқари бозор маъмурияти томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг заҳираси шакллантирилиб, нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш чораси кўрилган.
Шу кунларда туманнинг Бахт ва Ҳамид Олимжон маҳаллалари ҳудудини обод қилиш, кўчаларни текслаш ва шағал ётқизиш, аҳолини табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён билан танишган вилоят ИИБ бошлиғи аҳоли билан мулоқотда мавжуд муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Фуқароларнинг табиий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ва ичимлик суви билан боғлиқ масалалардаги мурожаатлари тегишли туман ташкилотлари томонидан ҳал этилиши, айни пайтда бу борада олиб борилаётган ишлар тушунтирилди.
Қайд этиш жоиз, бугунга қадар ушбу маҳаллаларнинг 6 километрга яқин кўчаларига шағал ётқизилиб, эски электр таянч устунларининг 61 таси янгиланди ва қисқа фурсатда электр симлари тортилиши кўзда тутилган. Шунингдек, бугунга қадар 2 ярим километр табиий газ қувурлари ётқизилиб, яна бир ярим километрлик иш қолган. Бу ишнинг ҳам тез кунларда ҳал этилиши билан фуқароларнинг табиий газ билан боғлиқ масаласи ечилади. Кундалик истеъмолда муҳим ўрин тутган ичимлик сув таъминоти яқин кунларда бартараф этилади. Ҳозирда бу борадаги ишлар сўнгги босқичда.
Таъкидлаш жоиз, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг махсус техникалари ёрдамида маҳалла кўчаларига шағал ётқизиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Ўзбекистон маҳалласидаги 91 та эски электр таянч устунлари янгисига алмаштирилаяпти. Тез кунда бу иш ҳам ниҳоясига етказилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати