2 Август 2024 йил 2710

Сайёр ўқув курси ташкил этилди


Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги махсус ўқув курсларини ўтказиш режаси”га асосан сайёр ўқув курси ташкил этилди.

Ўқув машғулоти аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлашди.

Семинарда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси масъуллари, мутахассислар, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ИИВ Академияси, ИИВ Малака ошириш институти профессорлари томонидан маърузалар қилинди.

Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар, қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протоколи, қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт, қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция мазмун-моҳияти, камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши, қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар, Нельсон Мандела қоидаларининг мазмуни, ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари, Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизимини ислоҳ қилиш жараёнлари ва маҳкумларнинг ҳуқуқлари ҳам етказилди. Машғулотларда олинган билимлар амалий машғулотларда мустаҳкамлаб борилди. Якунда тингловчилардан синовлар олиниб, ходимларга сертификатлар топширилди. 

Text to speech