Оммавий сайёр қабулда
Дўстлик туманининг “Мевазор” маҳалласида ички ишлар органлари, судлар,
прокуратура, адлия ва солиқ идоралари мутасаддиларининг аҳоли ва ёшлар учун
оммавий сайёр қабули бўлиб ўтди.
Мазкур жараёнда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи,
генерал-майор Ғайрат Қодировга 13 нафар жисмоний ва юридик шахслар мурожаат
қилди. Жумладан, даволаниш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш
учун кредит ажратилиши, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ҳимоя ордери
олиш, транспорт воситасини жарима майдонидан чиқариш, корхоналар ўртасидаги
шартнома шартларининг бажарилишини таъминлаш, ҳужжатларни сохталаштирган
қонунбузарга чора кўриш, мулк бўлинишини адолатли ҳал қилиш юзасидан кўмак
сўралди.
Ўз навбатида ушбу муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли соҳавий
хизматлар ҳамда бошқа идоралар мутасаддиларига топшириқлар берилди. Тадбир
доирасида 3- сектор раҳбари бир аёлга субсидия асосида тикув машинаси, икки нафар
фуқарога кредит олиш, 3 нафар ёшга эса олий ўқув юрти контаркт тўловининг тўлаб
берилишига оид сертификатларни топширди.
Шунингдек, 4 киши бошқарма бошлиғидан шахсни тасдиқловчи ID карталарни
қабул қилиб олди. Маълумот ўрнида айтиш керак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи
органлар масъуллари вилоятнинг шаҳар ва туманларида оммавий сайёр қабулларнинг
иккинчи даврасини ўтказишмоқда.