“Она тилим – жону дилим” маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Жиззах вилояти ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари иштирокида “Она тилим –
жону дилим” мавзуида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ёзувчилар уюшмаси вилоят
бўлими раҳбари, ёзувчилар уюшмаси аъзоси Меҳрибон Абдураҳмонова маъруза қилди. Нотиқ
ўз сўзида миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз бизни юксак маънавиятга,
маърифатга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъмат эканлигини
таъкидлади.
Шунингдек, тилимизнинг тараққиёт босқичлари, унинг ривожига ҳисса
қўшган улуғ шоир, ёзувчи ва арбоблар тилга олинди. Бундан ташқари давлат
тилининг нуфузини ошириш, жамиятда давлат
тилига ҳурмат-эътибор ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириш борасида қилинаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди.
Тадбир давомида юртимизда осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши
курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида намунали хизмат
қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари рағбатлантирилди. Шу билан бирга анъанавий тарзда савол-жавоблар қилинди.