Қонунийликни таъминлаш йўлида
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ички ишлар органларида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва қонунийликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, соҳавий хизматлар, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларида ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказилаяпти.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида ўтказилган йиғилишда эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифаларни юқори савияда, аниқ ва ўз вақтида бажариш – ички ишлар органлари ходимларидан теран билим ва касбий маҳоратни, садоқат ва ҳалолликни, муҳими юксак маънавиятли бўлишни талаб этиши таъкидланди. Шунингдек, соҳа олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз борди. Хизмат фаолиятини самарадорлигини ошириш мақсадида яратилаётган қулайликлар ҳақида маълум берилди.
Йиғилишда, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш, кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир давомида ходимларнинг яқинлари ва оила аъзолари патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида юзага келтирилган шароитлар билан ҳам танишишди.
Худди шундай, Фориш туманида ҳам ходимлар ва уларнинг яқинлари иштирокида тадбир ўтказилди. Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий, таълим-тарбия ҳамда кадрлар билан таъминлаш соҳасидаги ишларни 2022 йилда жадал ривожлантиришга оид манзилли чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғи асосида ташкил этилган йиғилишда ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 8 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлиги оширилиши, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоя қилиниши айтилди. Бундан ташқари, ходимларнинг касбий кўникмаларини, фуқаролар билан муомала маданиятини янада яхшилаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тамагирлик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги уқтирилди.
Учрашувларда фаолиятида намуна кўрсатган ходимларнинг ота-онаси ва яқинларига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси топширилди.