17 Май 2021 йил 858

“Оқтом”да ёшларга мини-футбол майдони фойдаланишга топширилди

Фориш тумани “Оқтом” маҳалласи ёшлари ўзларининг мини-футбол майдонига эга бўлди. Ушбу масала Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбарининг туманда ўтказган учрашувида кўтарилган эди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбари форишлик ёшлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганган эди.

Ушбу тадбирда ёшлар бир қатор масалаларни баён қилди. Улар қаторида Азиз Яхшиликов ҳудудда мини-футбол майдони қуришда амалий ёрдам сўради. Мазкур масала юзасидан зарур чоралар белгиланиб, мутасаддиларга аниқ топшириқ берилди. Ўтган давр мобайнида ёш тадбиркорнинг ташаббуси ва амалий саъйи-ҳаракати сектор томонидан қўллаб-қувватланди ва тижорат банкининг кредит маблағи ажратилишига эришилди. Натижада 50 миллион сўм маблағ эвазига ташландиқ ерда “Оқтом” маҳалласи ёшлари учун мини-футбол майдони бунёд этилди. Спорт майдончаси очилишда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, туман фаоллари ва жамоатчилик, сектор масъуллари иштирок этдилар. Тантанали равишда рамзий боғич қирқилиб, дастлабки футбол мусобақасига старт берилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи юртимизда ёшларга қаратилган эътибор, уларга берилаётган имкониятлар хусусида тўхталди. Мазкур футбол майдони ҳудуд ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари, оммавий спорт турларини янада оммалаштиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шунингдек, вилоят 3- сектори томонидан спорт анжомлари ва кийимлари топширилди. Тадбир спорт беллашувига уланди.

Янги мини-футбол майдонида ўтказилган дастлабки мусобақада туман ички ишлар бўлими ҳамда бошқа ташкилот ва идоралар, маҳалла аҳолисидан иборат 10 дан зиёд жамоалар ўзаро беллашдилар. Ҳар бир учрашув қизиқарли кечди. Бу каби мусобақалар доимий уюштирилиб, спортнинг футбол турини янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Text to speech