Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам табриги
Қадрли ҳамкасблар, азиз фахрийлар, юрт тинчлиги ва эл осойишталигини
таъминлашдек шарафли масъулиятни зиммасига олган фидойи дўстлар! Барчангизни
бугунги қутлуғ сана — 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни
муносабати билан чин дилдан табриклайман!
Айни қутлуғ аёмда ҳар бирингиз жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини
таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга ҳаётингизни бағишлашга шай эканлигингизни
халқимиз юракдан ҳис этишини, шунга яраша қадрлашини эслатиб ўтмоқчиман. Зеро Президентимизнинг
“Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин”,
деган талаби Янги Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимларининг ҳаётий шиорига
айланган.
Яна шуниси аниқки, тизим моддий-техник базаси изчил такомиллашмоқда.
Биргина мисол: ўтган 8 йил мобайнида вилоят ИИБ навбатчилик қисми, эксперт-криминалистика
маркази, жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ва патруль-пост хизмати, Ғаллаорол,
Пахтакор ва Дўстлик туманлари ички ишлар бўлимлари каби 15 га яқин бино ва
иншоотлар капитал таъмирдан чиқарилди.
Хусусан, шу йилнинг ўзида Зомин тумани ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш
бўлими қурилиб, ишга туширилди. Бундан ташқари, тез кунларда Пахтакор тумани
ИИБ ҳудудида барпо этилган бир қатор қўшимча бинолар ҳамда Шароф Рашидов туманида
соҳа вакиллари учун қурилган 54 та турар жой фойдаланишга топширилади. Яқин
келажакда Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов ва Бахмал туманлари ИИБ биноларини
капитал таъмирлаш ҳамда Янгиобод тумани ИИБ биносини янгидан қуриш
режалаштирилган.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, махсус ҳамда
хизмат техникалари, яроғ-аслаҳалар таъминоти борасидаги ўзгаришлар ҳам ҳавас қилгудек. Табиийки, яратилаётган бу каби шароит ва
имкониятлар муқаддас бурчимизни фидойилик билан бажаришга ундайди.
Азиз дўстлар!
Барчангизни, шу жумладан, хизмат давомида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг
оила аъзоларини яна бир бор Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати
билан самимий табриклайман. Мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, узоқ умр, файзу
барака айрилмас йўлдошингиз бўлсин. Жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш,
қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматингизда
зафарлар тилайман.
Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!