Осойишталикни таъминлаш йўлида
Мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 март кунги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах вилояти ИИБ томонидан вилоятда “Пайшанба – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” тадбирлари ўтказилди. Кенг қамровли тадбир аввалида вилоят ИИБ масъуллари хизматга жалб этилган ходимларга жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиловлаш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибни сақлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ушбу топшириқлар асосида вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тарғиботлар билан бирга профилактик тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Жиззах шаҳри ҳудудидаги олий таълим муассасаларида талабаларнинг дарсларга қатнашиши, кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик, айниқса совуқ қурол ёки ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли буюмларни олиб юрмасликлари ўрганилди. Шунингдек, ходимлар ёшлар тунги вақтларда бемақсад юрмасликлари, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррарлиги, вақтинча турар жойларида рўйҳатдан ўтиш тартиблари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шу куни аёллар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, улар бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзига йўналтириш, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш бўйича манзилли ишлар ҳам олиб борилди.
Бундан ташқари, жамоат жойларида жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шароитлари ўрганилиб, шу каби қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Кўча ва аҳоли гавжум масканларда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ҳамда шубҳа уйғотган шахслар билан ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва таянч пунктларида профилатик суҳбатлар қилинди.
Жараёнда аҳоли муаммоларига ҳам эътибор қаратилди. Мавжуд масалаларни алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилди.