29 Декабр 2021 йил 579

Осойишталик йўлида

Хизмат автомашиналарининг созлиги иш унумини ошириш, белгиланган вазифаларни самарали адо этиш имконини беради. Шу маънода Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасидаги мавжуд хизмат авто ва мото транспортларнинг техник ҳолатига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун зарур шароитлар яратилган. Йўналишларда патрулликни амалга ошириш олдидан хизмат автотранспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилади ва ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари кўздан кечирилади.

Айтиш жоиз, янги йил байрами арафасида Жиззах шаҳар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кундузги ва тунги патруллик ҳаракатланиш режаси ишлаб чиқилган. Хизматга жалб этилган ходимларга кунлик йўриқнома ўтказилиб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, рўй берганларини иссиқ изида фош этиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тушунтиришлар берилади. Шунингдек, хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлиш кераклиги уқтирилади.

Таъкидлаш жоиз, Жиззах шаҳридаги барча маҳаллаларда патруллик хизматини ўташ учун 8 та пиёда ҳамда 12 та авто-патруль йўналишлари ташкил қилинган. Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ички ишлар бошқармаси таркибий тузилмалари ходимларидан иборат қўшимча патруль-пост нарядлари фаолияти йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида хизматга жалб этилган ходимлар томонидан шахсини аниқлаш ва текшириб кўриш мақсадида ҳудудий ички ишлар органлари ва таянч пунктларига олиб келинган фуқароларнинг 344 нафари иш ва яшаш жойи ноаниқлиги боис реабилитация қилиш марказига, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги сабабли 1 минг 39 нафари вилоят наркология диспансерига жойлаштирилди. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 11 мингдан зиёд фуқароларга профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда 45 та жиноят фош этилди ва 16 нафар жиноят содир этиб тергов ва суд идораларидан яшириниб юрган шахсларнинг яширин манзили аниқланиб ушланди, 2 нафар бедарак йўқолган шахслар топилиб, уйларига қайтарилган.

Text to speech