Осойишталикни таъминлашда ёшлар масъулияти оширилади
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Жўрабек Авазов зоминлик ёшлар билан учрашди. Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган тадбирда улғаяётган авлод вакилларининг муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди.
Бугунги кунда Зомин туманида 33 минг нафардан зиёд ёшлар истиқомат қилади. Жорий ўқув йилида ушбу ёшларнинг 3 минг 900 дан ошиғи ўрта умумтаълим мактаблари, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлайди. Шунингдек, уларнинг 142 нафари хорижга ишлаш ёки ўқиш истагида чиқиб кетган. Ижтимоий ҳимояга мухтож ва ногиронлиги бўлган ёшлар сони 550 нафарни ташкил этади.
Айтиш жоиз ёшларни иш билан таъминлаш, ҳунарга ўргатиш борасида туманда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, “Ёшлар дафтари”га киритилган 9 юз нафардан зиёд ёшларнинг бугунга қадар 63 нафари иш билан таъминланди. Аммо жорий йилнинг ўтган даврида туман ёшлари иштирокида 2 та йўл транспорт ҳодисаси, шунингдек 2 та иқтисодий жиноят қайд этилган. Бундан ташкари ёшлар 231 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишган.
Зомин тумани ёшлар марказида “Тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ёшлар масъулияти” мавзуида ташкил этилган учрашувда туманда рўй берган қонунбузилишлар, уларнинг оқибатлари тилга олинди. Ножўя ишларга қўл урмаслик, ҳуқуқларни билиш билан бирга мажбуриятларни ҳам унутмаслик кераклиги уқтирилди. Йиғилишда ёшлар айни кунларда мамлакатимиздаги барча маҳаллаларда ўтказилаётган миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталигида фаол иштирок этишга чақирилди. Ҳафталик доирасида ўтказиладиган миллий ўйинлари, оммавий спорт мусобақалари, кўрик-танловларда қатнашиб, иқтидор ва истеъдодларини намоён қилишлари зарурлиги билдирилди.
Худди шундай, Пахтакор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ҳам ёшлар билан учрашди. “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” мавзуидаги тадбирда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш борасида сўз юритилди. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида ёшлар иштирокида рўй берган жиноятлар ҳақида маълумотлар берилди.
Таъкидландики, туман ёшлари томонидан 4 та жиноят, 176 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган. Йиғилишда шу каби қонунбузилишлар оқибатлари тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 11 мартдаги йиғилишида белгиланган режа асосида ўтказилаётган мазкур ҳафталик жамиятда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ва уларни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати