Оталиқдаги мактабда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан тадбир уюштирилди
Зомин туманининг Гулистон маҳала фуқаролар йиғинидаги 30- сонли ўрта умумтаълим мактаби Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг оталиғида. Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров мазкур таълим муассасасида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан уюштирилган тадбирда қатнашди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида мактаб педагогик жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ўтган маросимда 3- сектор раҳбари ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз таълим тизимида кечаётган ислоҳотлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ҳамда улғайиб келаётган авлоднинг эл-юрт олдидаги масъулияти хусусида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, муносиб таълим шароити яратиш мақсадида мактабда амалга оширилган ишлар тилга олинди. Чунончи, шу йил ёзда синфхоналар ва спорт зали таъмирланган. Иситиш тизимлари янгиланиб, 6 та қозонхона қурилган. 1 минг 800 метр квадрат йўлга асфальт ётқизилган. 540 метрлик чопиш йўлаги ва стадион юзага келтирилган. 1 минг 350 метр квадрат жойга бетон, 500 метр квадрат майдонга брусчатка ётқизилган. Мактаб тевараги девор ва панжара билан ўралиб, ҳудуд айланасига шағал ётқизилган. Бинонинг ташқи қисми бўялиб, интернет тармоғи тортилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, мактабда таъмир ишларининг амалга оширилишида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бош-қош бўлди. Яъни 3- сектор масъуллари ўқув муассасаси таъмирига қурилиш техникаларини жалб этиш, зарурий маҳсулотларни етказиб бериш, мактаб ҳовлисида автодором барпо этиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги синфхонасини замон талабларига мос тарзда жиҳозлаш ишларини бажаришди. Шунингдек, соҳа вакиллари ҳудудни ободонлаштиришга қаратилган ҳашарларда фаол қатнашдилар.
Тадбир давомида мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширган корхона фаолларига Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг совғалари топширилди. Шундан сўнг мактабнинг 1- синфига қабул қилинган болаларга ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.
Тантанали маросимда мактаб ўқувчилари жамоаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан тайёрланган бадиий композицион дастур намойиш этилди. Тадбир якунида янги ўқув йилининг илк қўнғироғи янграб, ўқувчилар синфхоналарига Мустақиллик дарсида қатнашиш учун йўл олдилар. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров дастлаб, мактабнинг бошланғич синфлари ўқувчилари учун яратилган шароитлар билан танишди. Сўнгра 11- синф ўқувчиларига истиқлолдан сабоқ берди. Қисқаси, гулистонлик ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ўқув йили ўзгача руҳ ва кайфиятда бошланди.
Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманнинг 3- секторида жойлашган 25- сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлди. Бу ерда таълим олаётганлар учун ҳам ўқув йили яхши янгилик билан бошланган. Яъни мактабнинг эски биноси ёнида 480 ўринли янги ўқув биноси барпо қилинди. Таъкидлаш керак, Жиззах вилоятидаги 13 та ўрта умумтаълим мактаби 3- сектор масъулларига бириктирилган. Ушбу мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш кўнгилдагидек амалга оширилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.