20 Июл 2023 йил 498

Отамиздек бўлиб қолган

Уйли-жойли бўлиш осон эмас. Баъзан бунга бир инсоннинг умри кетади. Тўғри, маблағ бўлса, турар жой қуриш, жуда бўлмаса сотиб олиш қийин эмасдир. Аммо бу иш қўлимиздан ҳали-вери келмаслиги аниқ эди. Чунки турмуш ўртоғим инсульт олган, тез-тез ҳушидан кетади. Бундай пайтларда ўзим бир амаллаб уйга олиб кираман, ҳушига келгунча бошида тураман. Бормаган шифохонамиз қолмади.

Икки фарзандимиз билан вақтинча қурилган икки хонали уйда яшардик. Томидан сув ўтарди. Шароитимиздан хижолатга тушган пайтларимиз кўп бўлган. Турмуш ўртоғимнинг отаси 2 ёшида ўтиб кетган, мен эса отамни кўрмаганман. Қисқаси, уй қураман, десанг одамлар куладиган аҳволда эдик. Ҳеч кимдан ёрдам ололмадик. Кўмак бериш ўрнига ўзимизни айблаганлар, идораси эшигини ёпиб қўйганлар бўлди.

 Лекин дунёда яхши одамлар бор экан. 2021 йилнинг апрель ойида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи маҳалламизда сайёр қабул ўтказишини эшитганимда қувониб кетдим. Чунки ҳамқишлоқларимдан бу одамнинг ҳеч кимдан ёрдамини аямаслигини эшитгандим. Аллоҳ кўнглимга солган экан, қабул давомида ҳолимни баён қилишим билан “Ёрдам берамиз”, деди.

Кейин уйимизда қурилиш бошланиб кетди. 70 та шифер, эшик, дераза ва бошқа зарур маҳсулотларни келтиришди. Тез кунда пойдевор қуйишди, девор кўтарила бошланди. Мос равишда бизнинг ҳам кўнглимиз кўтарилиб бораверди. Усталар томгача ёпиб, уй ичларини таъмирлаб бердилар. Туман ички ишлар бўлимидагилар, профилактика инспектори уй битгунча ҳар куни хабар олиб турди. Ҳозир бошқаларникидан қолишмайдиган 4 хонали уйимиз бор.

Очиғи, бунақа яхши одамни кўрмаганман. Ҳозир маҳалламизга бирор раҳбар келганлигини эшитиб қолсам, чопиб чиқаман, генерал бобо бўлса, бир оғиз раҳмат айтайин деб. Бу одам мен ва турмуш ўртоғим учун отамиздек бўлиб қолган. 

Шу ўринда оддий одамларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлиги учун, қолаверса элга қайишадиган инсонни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига раҳбар этиб тайинлагани учун Президентимиздан миннатдорман. Икки нафар фарзандимиз бор, уларнинг ҳам қувончи чексиз.

Айтганча, турмуш ўртоғим ободонлаштириш бошқармасида ишлаяпти. Ҳаётимиз аста-секин ўнгланиб бормоқда. Очиғи, муаммоларимиз йўқ эмас. Аммо Ғайрат Қодировга ўхшаган инсонлар бор экан, қийинчиликларни, албатта енгамиз.

 

Гавҳар АВАЗОВА,

Жиззах вилояти Бахмал тумани

Фидокор маҳалла фуқаролар йиғини.

Text to speech