Отлиқ отрядлар ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси” тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатда ҳудудий ички ишлар органлари патруль-пост хизмати бўлинмалари таркибида босқичма-босқич отлиқ отрядларни ташкил этиш белгиланган. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида мазкур вазифани амалга ошириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бошқарманинг патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патруль-пост хизмати батальони саф бўлинмалари ходимларининг от билан хизмат ўташ кўникмалари оширилаётир.
Вилоят Давлат чегара қўшинларининг отлиқ бўлинмаси ўқув марказида уюштирилган машғулотда қорабайир зотли отларни ўргатувчи ҳарбий хизматчилар томонидан от билан ишлаш, уларни сақлаш, озиқлантириш, сайр қилдириш тартиблари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, чавондозлик, от билан тўсиқлардан ўтиш бўйича маҳорат дарслари ўтилди. Асосий мақсад эса хизмат отларини тарбиялаш, от билан мулоқотда бўлиш, хизмат ўташ кўникмаларини ҳосил қилишга қаратилди.
Машғулот давомида ўқув марказида қорабайир зотли отларнинг наслини кўпайтириш бўйича ҳам ходимларга тушунчалар берилди.