21 Декабр 2021 йил 603

Овчилар иштирокидаги профилактик тадбир

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари Мирзачўл туманида ов қуролига эга фуқаролар билан учрашдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни ва қарорларнинг мазмун моҳияти ҳақида сўз борди. Хусусан, ўқ-отар ов қуролига эга шахслар ов қуролини қонунда белгиланган тартибда сақлаши, олиб юриши, ов қилиш тартиблари ва хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари зарурлиги уқтирилди.

Шунингдек, ов қилиш жараёнида ов қилиниши лозим бўлган ҳайвонларни отиш учун овчилик ва балиқчилик жамиятидан хар бир ҳайвон учун бадал тўланиши, рухсатнома олиб кейин овга чиқилиши, атроф синчковлик билан ўрганилиб, бегона фуқаролар йўқ бўлгандагина ов қилишлари, қизил китобга киритилган ҳайвонларни овламасликлари қайд этилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни ўз хоҳиши билан топширган фуқаролар жавобгарликдан озод қилинишини тушунтиришди. Бундан ташқари, аҳоли орасида пневматик ўқотар қуролларни рўйхатга қўйиш, акс ҳолда жавобгарлик муқаррарлиги етказилди. Учрашувда қатнашчилар соҳа масъулларидан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

Text to speech