2 Март 2022 йил 581

Овчиларга ҳуқуқий тушунтириш берилди

Дўстлик туманида ов қуролига эга фуқаролар билан учрашув ўтказилди. Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари овчилар ов қуролини сақлаш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари лозимлигини тушунтиришди.

Дўстлик тумани ички ишлар бўлими томонидан ташкил қилинган тадбирда 2020 йил 8 июлдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли соҳасидаги айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг мазмун моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, ўқ-отар ов қуролига эга шахслар ов қуролини белгиланган тартибда сақлашлари, олиб юриш, ов қилиш тартиблари ва хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари зарурлиги уқтирилди. Ов қуроли ва ўқ дорилар бегона шахслар, қурол эгасининг оила аъзолари, айниқса ёш болаларнинг қўлига тушмайдиган ва фойдаланиш имконини бермайдиган шароитда сақланиши лозимлиги таъкидланди.

Учрашув давомида ов жараёнида ов қилиниши лозим бўлган ҳайвонларни отиш учун овчилик ва балиқчилик жамиятидан ҳар бир ҳайвон учун бадал тўланиши, рухсатнома олиб кейин овга чиқилиши, атроф синчковлик билан ўрганилиб, бегона фуқаролар йўқ бўлгандагина ов қилишлари, қизил китобга киритилган ҳайвонларни овламасликлари қайд этилди. Бундан ташқари, ўқ отар қурол савдоси ва ов қилиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ қонунбузарликлар акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилиб, ов қилиш тартиб қоидалари кўрсатиб ўтилган буклетлар қонуний ов қуролига эга бўлган овчилик ва балиқчилик жамияти аъзоларига тарқатилди.

Тадбир давомида туман бирлашмаси томонидан овчилик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокорлар томонидан зарур кўрсатмалар берилиб, ўз саломатликларини асрашлари, ўз вақтида кўрикдан ўтиш лозимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда туманда истиқомат қилувчи 79 нафар фуқаро овчилик билан шуғулланади. Туман ички ишлар бўлими масъуллари томонидан улар билан доимий профилактик суҳбатлар олиб борилиб, белгиланган тартибга риоя этмаганларига нисбатан жазо чоралари қўлланилмоқда.

Жойларда ўтказилаётган бу каби тадбирлар ов қилиш қоидаларига риоя қилиши, оқ отар-қуролларни сақлаш ва ундан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Text to speech