9 Сентябр 2021 йил 522

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қарияларга ID карталар расмийлаштирилмоқда

Бугун деярли ҳар бир соҳага ахборот коммуникация технологиялари жорий қилинди. Хусусан, идентификация ID карталарни расмийлаштиришда ҳам махсус мобил қурилмалардан фойдаланмоқда. Бу ўз навбатида аҳолига қулайлик яратиш, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, ортиқча оворагарчиликларга чек қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси махсус мобил қурилма билан таъминланди. Ушбу қурилмалар орқали ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг уйларига бориб, идентификацион ID карталар расмийлаштирилаяпти. Бу ишлар бюджетдан ташқари пенсия жамғамаси шаҳар ва туман бўлимлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керак, ID карта олиш учун фуқаро ёки қонуний вакилнинг мурожаати асосида вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси масъул ходими ўн беш кун муддатда ушбу шахснинг манзилига борган ҳолда ҳужжатларни расмийлаштиради. Албатта бундай қулайликлар аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни янада яхшилаш имконини бераяпти.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech