8 Ноябр 2024 йил 5555

Пахтакор тумани ички ишлар бўлимида янги бино фойдаланишга топширилди


Жиззах вилояти Пахтакор тумани ички ишлар бўлими ҳудудида 14 та хонага эга қўшимча маъмурий бино ҳамда вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бунёдга келтирилди. Шу муносабат билан ўтказилган очилиш маросимига давлат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, ички ишлар органлари фахрийлари таклиф этилди. Мазкур тадбир аввалида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев, вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди.

Нотиқлар томонидан Янги Ўзбекистоннинг янги ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, соҳа вакилларига қулай хизмат шароитлари яратиш борасида қилинаётган ишлар тилга олинди. Шунингдек, маросимда 2 нафар ходимга навбатдаги катта лейтенант махсус унвони, бир нафар фахрийга “ИИВ фахрийси” кўкрак нишони, яна бир фахрийга ташаккурнома топширилди.

Сўнг рамзий лента қирқилиб, ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, фойдаланишга топширилган маъмурий бинодан жой олган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда пробация гуруҳлари хизмат хоналари, мурожаатчиларни қабул қилиш, узоқ муддатга хорижга чиққанлар билан мулоқот ўтказиш хоналари, шахсий таркиб ётоқхонаси, навбатчилик ўтказиш пункти ҳамда ошхона замон талаблари даражасида жиҳозланган. Худди шундай, саф, workout майдонлари ҳамда автомашиналар сақланадиган жой юзага келтирилди.

25 ўринли вақтинча сақлаш ҳибсхонасида эса гумон қилинувчи ва айбланувчиларни сақлаш учун барча зарурий шароитлар яратилди. Қолаверса, 25 та кузатув камераси ҳибсхона ва унинг теварагини тўлиқ назорат қилишда қўл келади. Мазкур қурилмалар Ички ишлар вазирлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, туман ички ишлар бўлими навбатчилик қисмларига интеграция қилинган.

 Ичкаридаги видеокамералар овоз ёзиш хусусиятига эга. Хоналарга уланган тўғридан тўғри алоқа тизими ҳибсхонада сақланаётган гумон қилинувчи ва айбланувчилар билан мулоқот қилиш ҳамда муайян вақтларда радио эшитиш имконини беради. Қисқаси, тизим моддий-техник базаси изчил мустаҳкамланмоқда.

Text to speech