“Пақилдоқлар” ўйинчоқ эмас
Ғаллаорол тумани Бахт маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган Д.Ш. 1 миллион 190 минг сўмга пиротехника воситасини сотаётганда ИИО ходимлари томонидан ушланди. Жорий йилнинг 3 декабрь ўтказилган тезкор тадбирда сотувчидан жами 5 минг 400 дона пиротехника воситаси ҳужжатлаштириб олинган. Сўнгги икки кун давомида вилоятда пиротехника воситасини сотиш билан боғлиқ шундай 5 та ҳуқуқбузарликка чек қўйилди.
Таъкидлаш жоиз, Жиззах вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан пиротехника воситаларини сотиш ва сақлаш билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, учинчи ва тўртинчи декабрь кунлари жами 20 та ҳолат қайд этилди. Ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда уларнинг 6 таси Шароф Рашидов, 3 тадан Ғаллаорол ва Зомин туманлари ҳудудида аниқланган.
Пиротехника воситаларини сақлаётганларнинг аксарияти мактаб ўқувчилари эканлиги афсусланарлидир. Чунончи, соҳа ходимлари Шароф Рашидов туманидаги 15- сонли ўрта умумтаълим мактабининг 10- синф ўқувчиси H.В.ни Нурафшон маҳалласи ҳудудида тўхтатиб текширишганида у 480 дона пиротехника воситасини ёнида сақлаётгани маълум бўлди. Худди шундай, Ғаллаорол туманидаги 88- ўрта умумтаълим мактабининг 9- синф ўқувчиси Ф.Ф. эса пиротехника воситасининг 600 тасини ёнида олиб юрган. Шанба ва якшанба кунги тадбирларда шу каби 12 та ҳолат кузатилди.
Қисқаси, тадбирлар давомида пиротехника воситаларини сотиш ва сақлаш билан боғлиқ ҳолатларда жами 6 номдаги 34 минг 500 га яқин пиротехника воситалари, 40 та салютлар ҳужжатлаштириб олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати