Пахтакорда содир этилган жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Жиззах вилояти ИИБ ташаббуси билан Пахтакор туманида автомобил олиб қочилиши билан боғлиқ жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Пахтакор тумани ҳокимлиги, прокуратура ва ИИБ масъуллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида уюштирилган тадбир аввалида содир этилган жиноят тафсилотлари баён этилди. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 4 августида тунги соат 3.30 ларда Олтинкўл маҳалласидаги савдо маркази олдидан “Ласетти” ўғирланган. Бу тўғрида Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган жабрланувчи Б.С. ички ишлар органларига хабар берди.
Олиб бэрилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноят Зомин туманининг Шароф Рашидов қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Р.А. томонидан содир этилгани аниқланди. Ҳайдовчининг автоулов эшикларини очиқ қолдиргани жиноятчига қўл келган. Эътиборлиси, 3 нафар шахс ўзлари билмаган ҳолда жиноятчига ёрдам берганлар. Яъни улар “ўчиб қолган” автоуловни итариб, воқеа жойидан “Ласетти”нинг шовқинсиз узоқлашишига шароит яратиб беришган. Қисқаси, айбланувчи ички ишлар органлари ходимлари томонидан Зомин туманида қўлга олинди.