18 Октябр 2021 йил
671
Пиёзнинг пули йўқ
Шароф Рашидов тумани Янгидиёр маҳалласида яшовчи, хусусий корхона раҳбари ички ишлар органларига мурожаат қилиб, Фарғона вилояти Данғара тумани Каттаганжиравон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс уни алдаб кетганлигини билдирган.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 29 августида каттаганжиравонлик шахс аризачидан 190 тонна 331 килограмм пиёзни 275 миллион 579 минг 950 сўмга баҳолаб, олиб кетган. Қисқаси, “10 кунда пулини тўлайман”, деган ва шу кетганча тутқич бермаган.
Бундан ташқари ушбу шахс 2021 йилнинг 20 сентябрида Пахтакор тумани Сувонобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, хусусий корхона раҳбарини ҳам чув туширган. Яъни ундан 136 миллион сўмга баҳолаб, 80 тонна пиёз олиб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.