Профилактик тадбир ўтказилди
Назорат остидаги дори-дармонлар ва синтетик гиёҳвандлик воситалари инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, асаб тизимининг бузилиши, ваҳима, галлюцинация, кайфиятнинг кескин ўзгариши, параноя, психоз ва тажовузкорлик каби ҳолатлар кузатилишига олиб келади. Гиёҳванд модда таъсиридаги киши оддий ҳуқуқбузарликдан тортиб, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиши мумкин. Шу боисдан Ўзбекистон Республикасида назорат остидаги дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши жазо чоралари кучайтирилди. Бироқ, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини савдоси билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳамон учрамоқда, афсуски.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида назорат остидаги дори-дармонларни ноқонуний ўтказиш билан боғлиқ 114 та ҳолат аниқланди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 186 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, уларнинг 17 нафари Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшайди. Туманда ўтказилган профилактик тадбирнинг асосий мақсади ҳам кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан боғлиқ қонунбузарликларга барҳам бериш ва унинг олдини олишга қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жиноят қидирув бош бошқармаси гиёҳвндлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш бошқармасининг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бошқармаси билан ҳамкорлигидаги тадбир доирасида ҳудуддаги 32 та маҳалланинг барча хонадонларда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар, уларнинг яқинлари ва кенг жамоатчилик иштирокида йиғилиш уюштирилди. Тумандаги барча корхона ва ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари, ёшлар, жамоатчилик ҳамда маҳалла раислари ва фаоллари қатнашган тадбирда Ички ишлар вазирлиги, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси масъуллари томонидан мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар моҳияти, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг оқибатлари хусусида сўз юритилди.
Тиббиёт муассасаларида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган дори воситаларини сақлаш, қўллашда тартиб ва меъёрларга қатъий амал қилиш юзасидан тавсиялар берилди. Йиғилишда, шунингдек Тошкент шаҳрида психатроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахслар ҳатти-ҳаракати уларнинг ота-оналар ва маҳалла раислари иштирокида муҳокама қилинди. Ноқонуний фаолиятга оид виделавҳа намойиш этилди.
Бундан ташқари, туманда рўйҳатда туриб бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшаётган 1 минг 760 нафар шахсларнинг ота-оналари ва яқинларига улар билан доимий алоқада бўлишлари лозимлиги, ҳуқуқбузарлик содир этмасликлари, жиноят учун жазо муқаррар эканлигини етказишлари тушунтирилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида психатроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ 3 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.