Профилактик тадбирлар кучайтирилган
Айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятида ҳам “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Қонунбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жиноятларни фош этишга қаратилган мазкур тадбирда ички ишлар органлари ходимлари билан бирдек Миллий гвардия ҳамда корхона ва муассасалар вакиллари, ўзини ўзи бошқариш ва ёшлар ташкилотлари фаоллари иштирок этмоқдалар.
Мазкур жараёнда давлат ва жамоат ташкилотлари, кўп қаватли уйлар, бўш турган иншоотлар кўздан кечирилиб, гиёҳвандлар, ичкиликбозлар, оилавий жанжалкашлар, муқаддам судланганлар, профилактик ҳисобга олинганлар билан суҳбатлар ўтказилаяпти. Табиийки, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керак, бугунгача 154 минг 628 та объект кўздан кечирилган. Шунингдек, профилактик тадбирлар давомида 5 минг 711 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. 71 киши даволаш муассасаларига жойлаштирилди. 10 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 5 нафар бедарак йўқолган фуқаролар топилган.
Жумладан, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятни содир этганлиги учун жорий йилнинг 1 августидан буён қидирилаётган Дўстлик туманининг Бундёкор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи С.Ҳ Самарқанд шаҳридаги яширин манзилида қўлга олинди.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан қочиб юрган Навоий вилояти Навоий шаҳрида яшовчи С.Ў.нинг Тошкент шаҳридаги яширин манзили аниқланиб, ушланган. У Жиззах вилоятида фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун қидирилаётган эди.