Профилактика инспекторига диплом топшириш маросими ўтказилди
Профилактика инспекторининг зиммасидаги масъулият қанчалик шарафли бўлса, шунчалик оғир ҳамдир. Шу сабаб бу соҳада меҳнат қилган ходим кейинчалик ички ишлар тизимининг ҳар қандай йўналишида бемалол ишлаб кета олади. Дарҳақиқат, инспектор доимо халқ ичида, оилавий жанжалларни бартараф этишдан тортиб оғир жиноятларни очишгача бўлган жараёнларда фаол қатнашиши, ҳудудида қонунга зид хатти-ҳаракат рўй берса, зудлик билан чора кўриши керак. Албатта, буларнинг барчасига профилактика инспекторидан зарурий билим, иш кўникмалари талаб этилади. Худди шундай Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали томонидан 6 ойлик сайёр курс профилкатика инспекторининг соҳавий тажрибаларини оширишга хизмат қилди десак адашмаган бўламиз.
Мазкур курс жорий йилнинг 1 апрелида бошланган бўлиб тингловчиларга олти ой давомида билим ва малака улашиб келди. Чунончи, дарс машғулотларига Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш маркази, Миллий гвардия ҳарбий-техник институти, бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда масалага алоқадор олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари жалб этилди.
Мазкур ўқув курси Жиззах Политехника институтида олиб борилди. Профилактика инспекторлари ўқув жараёнларида Жиноят ва жиноят процессуал ҳуқуқи, фуқаролик ва фуқаролик процессуал ҳуқуқи, кримонология, криминалистика, бизнес ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ каби фанладан билимларини оширишди. Ҳар бир ўтилган фанлар бўйича жорий, оралиқ, якуний назорат имтиҳонлари топшириб тингловчиларнинг ўзлаштириш даражалари баҳоланиб борилди. Таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, ушбу ўқув курси битирувчилари халқаро тажриба, миллий анъана, интернет манбаларидан фойдаланиш тартиблари ҳақида ҳам қўшимча маълумотларга эга бўлишди.