5 Август 2025 йил 1125

Профилактика инспекторларининг фаолияти таҳлил қилинди


Жиззах шаҳрида ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ярим йиллик фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари ҳамда бир қатор соҳавий хизматларнинг раҳбар ва масъуллари сўзга чиқди. Мазкур жараёнда 9-15 июнь кунлари Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган комплекс инспекторлик текширувлари натижалари тилга олинди.

         Хусусан, “қизил” тоифадаги маҳаллаларда олиб борилган профилактик ишлар самарадорлиги, хорижга узоқ муддатга чиқиб кетган шахслар билан ишлаш, гиёҳвандлик экинлари етиштирилишига қарши курашиш, аҳоли мурожаатлари асосида муаммоларга ечим топиш каби масалаларга тўхталиб ўтилди. Шунингдек, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, кибержиноятчиликка қарши чора-тадбирларни белгилаш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, профилактика инспекторлари киритган хулосаларнинг натижадорлиги, ноқонуний диний таълим бериш билан боғлиқ қонунбузарликларга барҳам бериш масалалари кўтарилди.

         Ўз навбатида ушбу йўналишларда камчиликларга йўл қўйганлар танқид остига олиниб, айримларга интизомий чоралар кўрилиши билдирилди. Шунингдек, тадбирда бир қатор соҳавий хизматлар масъуллари томонидан профилактик ва тезкор тадбирларни ўтказишга оид таклиф ва тавсиялар берилди. Чунончи, фуқароликни расмийлаштириш ва миграцияга оид қонунчиликка киритилиши кўзда тутилаётган ўзгаришлар, экстремизм, диний таълимотдан ноқонуний сабоқ бериш қонунбузарликларини фош қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

         Худди шундай, ариза ва шикоятларни ўрганиш, “Е материал” электрон базасига маълумотларни киритиш ҳамда ижро борасида сусткашликка йўл қўйиш ички ишлар органлари нуфузига путур етказиши билдирилиб, мавжуд нуқсонларни қисқа муддатларда бартараф қилиш талаби қўйилди. Тадбирда хизмат интизомини бузганлар ва қонунга зид хатти-ҳаракатларга қўл урганларга қандай чоралар кўрилгани маълум қилинди ва йиғилганлардан қонунга қатъий амал қилиш, бурч ва вазифаларига масъулият билан ёндашиш сўралди.

         Шунингдек, йиғилишда профилактика инспекторлари ихтиёридаги яроғ ва воситалардан самарали фойдаланиш, хизмат уйлари таъмири, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, соҳа вакиллари фаолиятига оид тавсиявий кўрсатув намойиш қилинди.

         Якунда 9-15 июнь кунлари Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган комплекс инспекторлик текширувлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда йиғилишда белгилаб берилган топшириқ ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича режа ишлаб чиқилди. 


Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech