Профилактика инспекторларининг билимлари оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2022 йил 5 майдаги “Ички ишлар органлари профилактика инспекторлари билан қисқа муддатли ўқув йиғинларини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши асосида Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ички ишлар органлари профилактика инспекторлари учун видеоконференция тарзида машғулотлар ўтказилди.
Мазкур ўқув йиғини орқали Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ички ишлар органлари профилактика инспекторларини тўлиқ қамраб олиш кўзда тутилган. 6 кунлик ўқув йиғини давомида соҳа вакилларининг ҳуқуқий билимлари, касбий маҳорати, жисмоний тайёргарлигини ошириш чоралари кўрилади. Айни мақсадда замонавий ўқув воситалари ва услубларидан фойдаланилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги академияси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг тажрибали мутахассис ва масъуллари томонидан ўтилаётган машғулотлар давомида тезкор ва криминоген вазиятни ўрганиш ва таҳлил қилиш, фавқулодда вазиятлар юзага келганда тез ва тўғри қарор қабул қилиш малакаларини шакллантириш, профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятини замонавий талаблар асосида самарали ташкил этиш бўйича йиғилганларга тавсиялар берилди. Профилактика инспекторларининг ҳудудга мос, яъни шаҳар ва қишлоқ шароитларида фаолият олиб боришга оид билимлари ҳам кучайтирилди.
Шунингдек, ходимларнинг соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар моҳияти ва мамлакатимизда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлардан хабардорлиги таъминланмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонида белгиланган вазифаларга эътибор қаратилди.
Сабоқлар давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга доир илғор тажрибалар, фаолият давомида кузатилган муаммоли ҳолатлар, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, хусусан ҳужжатларни электрон шаклда юритиш, судларда онлайн иштирок этиш масалалари кўриб чиқилди. Қайта жиноятларнинг олдини олиш мақсадида муқаддам судланганлар ва пробация хизмати назорати остидаги шахслар ҳамда ички ишлар органлари ҳисобида турганлар билан профилактик тадбирлар ўтказишга оид тажрибалар ўртоқлашилди.
Ўқув давомида ходимларнинг саф ва жисмоний тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган машқлар ўтилади. Хуллас, асосий мақсад профилактика инспекторларининг бугунги кун талаблари асосида малакаларини ошириш, хизмат давомида юклатилган вазифаларни бажаришга виждонан ва моҳирона ёндошиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда касбий маҳоратини янада оширишдан иборат. Жиззах вилоятида мазкур ўқув йиғини 7 босқичда ташкил қилинади ва машғулотларни 25 июнда якунлаш кўзда тутилган.