Профилактика инспекторларининг касбий тайёргарлиги бўйича ўқуви ташкил этилди
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ички ишлар органларининг асосий вазифаларидан саналади. Бу жараёнда соҳа вакилларининг ҳуқуқий билимлари ва касбий маҳоратини ошириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2022 йил 23 майдаги “Туман (шаҳар) ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг касбий, жисмоний ва жанговор тайёргарлигини янада ошириш буйича ўқув йиғинларини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши асосида Жиззах вилояти ички ишлар органларининг бир гуруҳ профилактика инспекторларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарликлари янада оширилаяпти.
Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда олиб борилаётган ўқувда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи соҳага оид норматив ҳуқуқий ва қонун ҳужжатлари тўғрисида маълумот берди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда қабул қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш мақсадида белгиланган устувор йўналиш тушунтирилди.
Бунда қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни, маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, ушбу йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш, фуқароларга ҳуқуқий таъсир кўрсатиш, шу жумладан ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ чораларни қўллашда қонунийликни сўзсиз таъминлаш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ўқувдан кўзланган мақсад ҳам соҳа вакилларининг бугунги кун талаблари асосида касбий малакаларини ошириш, хизмат давомида юклатилган вазифаларни бажаришга виждонан ва моҳирона ёндашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда касбий маҳорат ва тайёргарликка эга бўлишларини таъминлашга қаратилган. Якунда тингловчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.