Профилактика хизмати фаолияти сарҳисоб қилинди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида профилактика инспекторларининг жорий йил 9 ойлик фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматлари масъул раҳбарлари ва профилактика инспекторлари иштирокида ўтган йиғилишни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди.
Тадбир аввалида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар тилга олинди. Қайд этилишича, ўтган йилнинг мос даври билан қиёслаганда вилоятда умумий жиноятчилик 0,3 фоизга камайган бўлиб, мавжуд 302 та маҳалланинг 156 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган, 37 тасида камайган.
Аммо ҳудудларда профилактика инспекторлари томонидан иш тўғри ташкил қилинмаганлиги боис маҳаллаларнинг 109 таси қизил тоифага киритилган. Ушбу қизил тоифадаги маҳаллалар салмоғи Жиззах шаҳрида 52,9, Ш.Рашидов туманида 41,7, Бахмалда 36,4, Дўстлик туманида 41,7 фоизни кўрсатмоқда.
Танқидий ва таҳлилий руҳдаги йиғилишда ҳудудларда юз берган қонунбузарликлар таҳлил қилинди. Таъкидланишича, жами юз берган жиноятларнинг 38 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сирасига киради. Шу билан бирга профилактика инспекторлари томонидан аниқланган жиноятлар, бедарак йўқолган шахсларни излаб топиш, ов қуролларини ноқонуний сақлаш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ребилитация қилиш марказига жойлаштириш борасида ҳам камчиликларга йўл қўйилган.
Шу куни муқаддам судланган шахсларнинг маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчиларининг 16 фоизига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилмаганлиги танқид қилинди. Бунинг оқибатида Жиззах шаҳар, Шароф Рашидов, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Зафаробод, Мирзачўл ва Пахтакор туманларида ушбу тоифадаги шахслар иштирокидаги жиноятлар сони ортишига йўл қўйилган.
Йиғинда камчилик ва нуқсонларга йўл қўяётган профилактика инспекторлари қатъий огоҳлантирилди. Шу билан бирга жиноятлар ортишининг сабаб ва омиллари таҳлил этилиб, ишни самарали ташкил қилишга доир таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Профилактика инспекторларининг фаолияти таҳлили давомида хизмат интизомини бузган, қонунбузарлик содир қилган ходимларга оид маълумотлар келтириб, интизом ва қонунийликни таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашда намунали хизмат олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар рағбатлантирилди.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан зарур чоралар белгиланди.