Қонунбузарлик талаба ёшлар иштирокида муҳокама қилинди
Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармасининг масъул ходимлари Жиззах политехника институти талабалари билан учрашди. Тадбир аввалида жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда кузатилган қонунбузарликлар ҳақида маълумот берилди. Жиноят содир этганлар орасида институт талабалари ҳам борлиги ачинарли эканлиги тилга олинди. Шунингдек, жорий йилнинг 19 декабрь куни Жиззах шаҳрининг Мустақиллик майдонига ўрнатилган “Президент арчаси” ёнида кузатилган ҳуқуқбузарлик тафсилотлари маълум қилинди.
Таъкидланишича, форишлик Жиззах политехника институти талабаси 2 нафар курсдошлари билан юрган вақтда Зиёкор маҳалласида яшовчи тенгдоши билан ўзаро туртилиб тортишиб қолади. Жанжалга бухоролик ва ғаллаороллик талабалар ҳамда Жиззах шаҳридаги ўрта умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ҳам аралашади. Ёшларнинг жамиятда юриш-туриш қоидасига риоя қилмаганликлари боис келиб чиққан тортишув тадбирга жалб қилинган ички ишлар органлари ва миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан бартараф этилган. Мазкур ҳолат юзасидан уюштирилган муҳокамада ҳар қандай қонунбузарликлар учун жавобгарлик муқаррарлиги тушунтирилди.
Муҳокамада юртимизда ёшларга қаратилган эътибор, таълим олиши учун яратилган шароитлар ҳақида ҳам сўз борди. Ёшлар бугун ўқиб ўрганишлари ва танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиши йўлида интилишлари кераклиги айтилди. Ота-оналар фарзандларининг юриш-туриши, вақтинча яшаш хоналаридаги шароитларидан хабардор бўлиб боришлари кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик, банк пластик карталарининг яширин кодларини ҳеч кимга айтмаслик, турар жойларида табиий газдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишлари лозимлиги етказилди.