20 Январ 2023 йил 410

Қонунбузарликка қарши бирга курашилади

Бахмал тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда вилоят ИИБ томонидан йиғилиш ўтказилди. Тумандаги барча маҳаллаларнинг фаоллари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, қонунбузарларнинг яқинлари иштирокидаги йиғилишда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан боғлиқ криминоген вазиятга салбий таъсир этаётган омилларни бартараф этиш борасидаги ишлар хусусида сўз борди.

Таъкидланишича, назорат остидаги дори-дармонлар ва синтетик гиёҳвандлик воситалари уни истеъмол қилган шахснинг организмига салбий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишига ҳам сабаб бўлади. Сўнги вақтларда ушбу турдаги дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ қонунбузарликлар сони ортмоқда. Хусусан, биргина 2022 йил давомида Жиззах вилояти ҳудудида ўндан зиёд ҳолат аниқланиб, 14 нафар ҳуқуқбузарлар ушланган. Уларнинг 6 нафари эса Бахмал туманида истиқомат қилишади.

Йиғилишда таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш юзасидан олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида қўлга олинган шахсларнинг қилмиши муҳокама қилинди. Шу билан бирга мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг оқибатлари, қонунни бузганларга белгиланган жавобгарликлар етказилди. Бундан ташқари аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш орқали жамият учун хавфли иллатларга қарши курашиш мумкинлиги уқтирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech