Интизом ва қонунийлик устувор бўлмоғи лозим
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров барча шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари ҳамда бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари билан мулоқот ўтказди. Бу жараёнда хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, салбий ҳолатлар, хусусан тамагирликка йўл қўймаслик, фуқаролар билан хушмуомала бўлиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларининг замонавий қиёфасини яратиш, уларнинг масъулияти ва касбий салоҳиятини ошириш, жиноятчиликнинг янги кўринишларига қарши курашиш учун зарур кўникмаларни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг шу йил 12 февралдаги кенгайтирилган йиғилиши ҳамда Ички ишлар вазири томонидан ўтказилган жорий йил 20 апрелдаги видеоселектор йиғилишида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш баробарида ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган вазифалар белгиланди. Жойларда ўтган мулоқотларда соҳадаги ана шу янгилик ва ўзгаришлар, ислоҳотлар хусусида сўз бориб, ҳар бир ходим хизмат жараёнида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” концептуал ғоя асосида иш олиб бориши лозимлиги уқтирилди.
Йиғилишларда, шунингдек жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудларда шахсий таркиб томонидан йўл қўйилган хизмат интизоми ва қонун бузиш ҳолатлари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, жиноят ва ҳодисаларга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш тартиб ва меъёрларининг ижроси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ходимларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини назорат қилиш, психологик хизмат сифатини ошириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан масъулларга топшириқлар юклатилди. Ҳар бир ходимнинг кундалик иш фаолияти устидан идоравий назоратни кучайтириш орқали иш самарадорлигини ошириш, шунингдек ҳар бир раҳбар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиши, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна бўлган ҳолда хизматни ташкил этиши зарурлиги тушунтирилди.
Тадбирларда фаолларни рағбатлантириш, интизомни бузганларга тегишли тартибда чора кўриш масалалари ҳам кўрилди. Ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари ва совғалари билан тақдирланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати