21 Декабр 2022 йил 866

Қотиллик жинояти муҳокама этилди

Жорий йилнинг 18 декабрь куни соат 16.40.да Жиззах шаҳрининг Обод маҳалласида яшовчи Л.Қ. “Нега синглим билан гаплашиб юрибсан”, дея ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан Иттифоқ маҳалласида истиқомат қилган Н.Б.нинг кўкрак ва қорин соҳасига икки марта пичоқ урган. Жабрланувчи республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. 

Мазкур жиноят муҳокамаси Иттифоқ ва Обод маҳаллалари вакиллари иштирокида ўтказилди. Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят прокурори вазифасини бажарувчи Алишер Шамсиев, Жиззах шаҳри ҳокими Комил Холмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу қотилликнинг сабаб ва оқибатлари хусусида тўхталдилар. Мазкур жараёнда фарзанд тарбиясига эътибор билан ёндашиш, салбий ҳодисаларга нисбатан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳалла фаолларининг фаолиятини жонлантириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбир давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал қилиш нуқтаи назаридан ҳар икки маҳаллага тегишли муаммолар ўрганилди. Шу куни сектор раҳбарлари Иттифоқ маҳалласи ҳудудида барпо этилган замонавий қозонхона фаолияти билан танишдилар. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур ихчам ва тежамкор технология 40 га кўп қаватли уйни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради.   

Text to speech