Республика ишчи гуруҳи қонунбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолият билан танишди
Айни вақтда Жиззах вилоятида фаолият юритаётган республика ишчи гуруҳи Жиззах шаҳар ИИБ 3- сонли ички ишлар бўлимида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ҳамда маҳалла еттиликлари билан мулоқот ўтказди. Мазкур жараёнда вилоят марказида 2024 йил давомида содир этилган жиноятлар ҳамда ички ишлар органлари ва маҳалла еттиликларнинг қонунбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти таҳлил этилди.
Сўнг мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз
муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими
самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масаласи кўтарилди. Шунингдек,
йиғилганларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда ижтимоий
профилактикани ташкил қилишга оид таклифлари ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах шаҳридаги “Маданият” маҳалласи еттилиги
билан ҳам учрашди. Бунда жиноятчиликни жиловлаш борасида қилинаётган ишларга
диққат қаратилди. Маълум қилинишича, 2024 йилда маҳаллага 109 та кузатув
камералари ўрнатилиши, профилактик ишлар ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал қилишга
қаратилган чоралар натижаси ўлароқ маҳалла “қизил” тоифадан “сариқ”қа ўтган. Бу
йилдан эса еттилик “яшил” мақомини маҳкам тутишга бел боғлагани қайд этилди.
Мулоқот жараёнида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги қарорига
асосан бандликни таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини ташкил этишга қаратилган
тадбирларни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.