“Сайёр патруль” гуруҳи жамоат жойларида қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда
Пахтакор
туманида ташкил қилинган “Сайёр патруль” гуруҳи томонидан кўча ва жамоат
жойларида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олиш чоралари
кўрилмоқда. Шу мақсадда аҳоли гавжум жойлар, савдо ва кўнгилочар марказларда
жамоат тартибини сақлаш билан бирга маҳаллаларда тарғиботлар ҳам қилинмоқда.
Таъкидлаш жоиз,
мазкур “Сайёр патруль” гуруҳи вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони, ЙҲХБ ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва вилоят ФВБ, Пахтакор тумани ИИБ ходимларидан
тузилган. Гуруҳ аъзолари низоли оилалар, жанжал ва низога сабаб бўладиган ҳамда
носоғлом турмуш тарзини кечирувчи фуқаролар билан ҳам профилактик суҳбатлар
ўтказишмоқда.
Ҳудуднинг
Дўстлик, Дилором ва Сувонобод маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган гуруҳ аъзолари умумий
овқатланиш шоҳобчалари раҳбарлари ва иш бошқарувчилари билан мулоқот қилишди. Шу
билан бирга фуқаролар кўп бўладиган жойларга ҳушёрликни ошириш, қонунбузарликка
гувоҳ бўлганда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришга оид тарғибот
материаллари илинди.
Шунингдек, кўп
қаватли уйларда аҳоли билан ҳам суҳбат қилиниб, йўлакларда буюмларни назоратсиз
қолдирмаслик, бу каби ҳолатлар ўғирлик жинояти содир этилиши сабаб бўлиши
ҳақида тушунчалар берилди.
“Сайёр патруль”
гуруҳи томонидан ўқ-отар ов қуролига эга шахсларнинг ов қуролини белгиланган тартибда сақлашлари
ҳам ўрганилаётир.