31 Март 2021 йил 978

Сайёр судда ғаллаороллик фуқаро озодликдан маҳрум қилинди

Ғаллаорол туманида ички ишлар органлари назорати остида турган шахслар иштирокида йиғилиш ва сайёр суд ўтказилди.

Тумани ички ишлар органлари пробация гуруҳи назоратида турган шахслар иштирокидаги тадбир аввалида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси уюштирилди. Ярмаркада ишсиз ёки иш жойини ўзгартириш истагида бўлган маҳкумлар тумандаги корхона, ташкилот ҳамда муассасалардаги мавжуд бўш иш ўринлари билан танишдилар.

Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Барно Умарова ҳамда туман ҳокими Жалолиддин Оқбоев ўтказган йиғилишда назорат остида турган шахсларнинг мавжуд тартиб ва қоидаларга амал қилишлари, муносиб хулқ-атворда бўлишлари лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, маҳкумларни қийнаётган муаммолар ҳам тингланди. Ушбу масалаларни ҳал этиш юзасидан сектор раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди томонидан ўтказилган сайёр судда 5 нафар маҳкумнинг иши кўрилди. Ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган 4 нафар шахслар белгиланган тартиб-қоидага амал қилиб, берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ўнгланиш йўлига ўтганлиги боис муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди. Жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган бир нафар шахс қайта озодликдан маҳрум қилинди.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech