Сайёр судда маҳкумларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди
Мирзачўл тумани ички ишлар органлари пробация гуруҳи томонидан назорат остида жазо ўтаётган маҳкумларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш орқали жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан биргаликда қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган шахсларни озод қилиш чоралари кўрилаяпти. Жиноят ишлари бўйича туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида ҳам 6 нафар маҳкумнинг иши кўрилди. Хусусан, туман ички ишлар органлари пробация гуруҳининг тақдимномаси асосида 5 нафар маҳкумга инсонпарварлик тамойили қўлланилиб, муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.
Бир нафар маҳкум ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ даврида белгиланган тартиб ва қоидаларига риоя этмаганлиги боис озодликдан маҳрум қилинди.
Шу куни ички ишлар органлари пробация гуруҳи назоратида турган шахслар иштирокида очиқ мулоқот ҳам ўтказилди. Тайинланган жазо муддатини ўташ вақтида белгиланган чеклов ва қоидаларга амал қилишлари лозимлиги тушунтирилди.
Худди шундай, жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди томонидан ҳам сайёр суд мажлиси ўтказилди. Суд аввалида жазони очиқда ўтаётган маҳкумлар мавжуд қоидаларга риоя этиши, белгиланган тартибни бузганлик учун ҳуқуқий жазо чоралари кўрилиши, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга қонунчиликка асосан енгил жазо турлари қўлланилиши ҳақида тушунтиришлар берилди.
Сайёр судда туман ички ишлар органлари пробация гуруҳининг тақдимномаси асосида содир этган жиноятлари учун пушаймон бўлиб, ўнгланиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларга яна ишонч билдирилди ва улар муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати