Саломатлик йўлида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Ички ишлар органларининг даволаш-профилактика муассасаларига бириктирилган таркибни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида” кўрсатмасига асосан Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ишчи ва хизматчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Кўрик аввалида тиббиёт ходимлари соғлиқ сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида гапириб, касалликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида даво чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, бу каби тиббий тадбирлар ходимларнинг ўзаро малака ва тажриба алмашишларида ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Мазкур кўрик давомида гастроэнтеролог, кардиолог, уролог, жарроҳ, кардиовизор, эндокринолог, дерматолог, оториноларинголог, УТТ шифокори ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими тор мутахассисларидан иборат малакали шифокорлар мурожаатчиларга соғлом турмуш тарзи бўйича ҳам тушунтириш ишларини олиб боришди.
Пойтахдан малакали мутахассисларнинг бевосита Жиззах вилоятида тиббий ёрдам кўрсатиши вилоят ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини мамнун қилди.
Чуқурлаштирилган кўрик давомида саломатлигини йўқотган ички ишлар органлари фахрийларининг яшаш уйларига бориб уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Маълум қилинишича, тиббий тадбир 10 сентябргача давом этади.