Самарали очиқ мулоқот
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Мирзачўл туманида сайёр қабул ўтказди. Сектор раҳбари қабул ҳудудда тадбиркорлик лойиҳалари билан танишди. Хусусан, Мирзадала маҳалласидаги “Хусниддин-Ҳушнудбек” фермер хўжалигига қарашли иссиқхонада бўлди. Сектор раҳбарига етиштирилаётган маҳсулотлар, иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.
Маълум қилинишича, иссиқхона 4 гектарни ташкил этиб, булғор қалампири парваришланмоқда. Кўчатлар ўтқазилганига 10 кундан ошган ва апрел ойи сўнггига бориб ҳосил териб олинади. Ҳозирда бу ерда жами 50 киши меҳнат қилаяпти. Уларнинг 25 нафар доимий ва қолганлари мавсумий ишчи ҳисобланади.
Туман марказидаги “Ғалаба” маҳалласида бўш турган бинода ўрнида эса “Ғалаба текстил” фабрикаси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур корхонанинг фаолият бошлаши муносабати билан рамзий боғич қирқилиб, ишлаб чиқариш жараёни кўздан кечирилди.
Айтиш жоизки, туман ҳокимининг шу маҳалладаги иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчисининг бевосита ташаббуси билан фабрика фаолияти учун “Мирзачўлагропром” масъулияти чекланган жамияти томонидан 320 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши натижасида 240 нафар маҳалла хотин-қизлари иш билан таъминланди. Ҳозирда бу ерда бир кунда ўртача 5 минг дона экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти.
Сектор раҳбари туман ҳокими билан биргаликда IT маркази фаолиятини ҳам кўздан кечирди. Шунингдек, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган қулайликларга ҳам диққат қилинди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳалла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги ишлар кўламини ошириш кераклиги уқтирилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туман ҳокимининг маҳаллалардаги иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари билан ҳам суҳбатлашди. Мулоқотда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани янада яхшилаш, ёшлар билан ишлаш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидланди.
Шу куни ёшлар фестивали ҳам уюштирилди. Ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарлари ва ёшлар етакчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар органлари кинология хизмати, тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимларининг кўргазмали чиқишлари, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерти намойиш этилди.
Худди шундай, ички ишлар органлари ходимлари фойдаланувидаги техникалар, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қутқарув ва ёнғин ўчиришда фойдаланиладиган воситалари кўргазмаси бўлиб ўтди. Бундан ташқари 4 та сектор ёшлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, спортнинг мини футбол, кураш, теннис ва шахмат, армрестлинг каби турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Ғолиблар эса муносиб тақдирланди.
Сайёр қабул доирасида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўлими ходимлари томонидан аёллар билан суҳбатлар олиб борилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари эса аҳолини тиббий кўрикдан ўтказган бўлса, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, ёш санъатсеварларнинг ижодий ишлари кўргазмаси туман фаоллари эътиборини торти. Аҳоли ва ёшлар билан мулоқот аввалида 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларнинг бир гуруҳига нон пишириш печлари берилди. Вояга етган ёшларга ID карталар, кредит олиш истагини билдирган ёшларга сертификатлар топширилиб, 5 нафар ташаббускор ёшлар фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланишди.
Сайёр қабулда фуқаролар томонидан ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, саломатлигини тиклаш, ўрта умумтаълим мактабида тўгараклар фаолияти ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит тўлови муддатини узайтириш, етказилган зарарни ундириш, субсидия ажратилиши каби қатор масалаларда амалий ёрдам сўралди.
Қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари, тегишли идоралар масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига топшириқлар берилди. Ушбу муамоларнинг ечими бўйича аниқ муддатлар белгиланди.
Дарҳақиқат, аҳолини қийнаётган масалаларнинг мутасаддилар томонидан ўрганилиб, уларнинг ҳал этилиши инсонлар турмуш маданиятини янада юксалтиришга замин яратади. Ўз навбатида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик лойиҳаларини жорий этиш, асосийси фуқаролар розлигига эришилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати