14 Сентябр 2023 йил 1381

Самарқанд маҳалласи обод бўлади


Жиззах вилояти Зафаробод тумани Самарқанд маҳалласи “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида обод қилинади. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ушбу маҳаллада бўлиб, ҳудудда дастур доирасида амалга оширилиши режаланган ишлар билан танишди.

Маълум қилинишича, дастур доирасида маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино ҳамда профилактика инспекторига хизмат уйи бунёд этилади. Ҳудуддаги 18- сонли ўрта умумтаълим мактабининг иситиш тизими янгиланиб, ичимлик суви билан таъминланади. 16 километрдан зиёд ички йўлларга асфальт ҳамда бетон ётқазилиб, 17 километрга яқин пиёдалар йўлаклари қурилади ва 3 ярим километри шағаллаштирилади. 350 га яқин тунги ёритиш устунлари, 100 дона темир-бетон устунлар ўрнатиш, 5 километрдан зиёд электр тармоғи тортиш ва 2 дона трансформатор ўрнатиш ҳам режаланган.

Бундан ташқари аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, 240 та хонадонни табиий газ тармоғига улаш, янги ирригация тармоқлари ўрнатиш ва сизот сувлари билан боғлиқ масалани ҳал этишга ҳам эътибор қаратилган. Ободлик доирасида 9 хонадонли 2 та барак типидаги уйлар таъмирланиб, 1- сонли ётоқхонада яшаётган 5 та хонадон уй-жой билан таъминланади. Шу билан бирга кузатув камералари ўрнатиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида марказий ўйингоҳ соз ҳолатга келтирилиб, 2 та болалар майдончалари бунёд этилади. Қисқаси мазкур бунёдкорлик доирасида аҳоли учун зарар шароитлар юзага келтирилади.

Сектор раҳбари маҳалла бешлиги томонидан “хонадонбай” ишлаш орқали фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни ҳал этиш юзасидан топшириқлар берди. Бундан ташқари ободонлаштириш ишларини уюшқоқликда ташкил этиш, жараёнда аҳоли фаол иштирокини таъминлаш лозимлиги қайд этилди. 

Text to speech