25 Декабр 2021 йил 640

Сарҳисоб: 2021 йил ички ишлар органларида туб ислоҳотлар йили

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида “Сарҳисоб: 2021 йил ички ишлар органларида туб ислоҳотлар йили” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этган тадбир аввалида “Соғлом турмуш тарзи” мавзусида маъруза қилинди. Жиззах вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази етакчи мутахассиси Низом Жамолов ўз нутқида ҳар бир киши ўз саломатлиги учун масъул эканлигини таъкидлаб, тўғри овқатланиш, экологик бароқарорлик, ирсий касалликлар, малакали тиббий хизмат ва спорт билан доимий шуғулланиш бу борада муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Йиғилишда якунланиб бораётган жорий 2021 йил ички ишлар органларида туб ислоҳотлар йили бўлганлиги айтилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг салмоғини ички ишлар органлари бошқарув тизими тўлиқ мақбуллаштирилиб, шахсий таркиб қуйи бўғинда, бевосита аҳоли ўртасида хизмат қилиши таъминланганлигини айтиб ўтди.

Маълум қилинганидек, тизимдаги соҳавий хизматлар қайтадан ислоҳ қилиниб, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз туризмни таъминлаш, пробация, суриштирув, маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ва кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган бўлинмалар янгитдан ташкил қилинди. Маҳаллаларда жиноятчиликнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга ўтилди. Ўтказилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида хизмат фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётгани тилга олинди.

Йиғилишда айтилганидек, жорий йилнинг 12 февралида давлатимиз раҳбари бошчилигида ИИВда илк бор Вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида белгилаб берилган муҳим вазифалар тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг иккинчи босқичини бошлаб берди. Унга кўра, бугунги кунда Президентимизнинг 2 та фармони ва 8 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ҳамда 19 та идоравий ва идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўтаётган йилда вилоят ички ишлар органларида ўз касбига садоқатли, зиммасига юклатилган вазифаларни чуқур ҳис қилган ҳолда шарафли бурчларини виждонан бажарган фидойи ходимларининг 8 нафари давлат мукофотлари билан, 82 нафари ички ишлар вазирлиги, 86 нафари “Мустақилликнинг 30 йиллиги” ҳамда 174 нафари “Ички ишлар органларининг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари яна кўплаб ходимлар вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг мукофотлари билан тақдирлангани эътироф этилди.

Тадбирда жорий йилнинг 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар яна бир бор тушунтирилди.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунчилик талабларининг бузилишига оид “Сўнгги имконият” кўрсатуви намойиш этилди.

Якунда Жиззах гарнозони маъмурий сектори раҳбарининг “Жалолиддин Мангуберди ворислари” ва “Амир Темур ўғлонлари” спорт мусобақасида фаол иштирок этиб умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритганликлари учун вилоят ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди жамоасига диплом ҳамда бир гуруҳ ходимларга ижара пуллари топширилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech