25 Июл 2022 йил 526

Сектор масъуллари аҳоли ва ёшлар билан учрашув ўтказди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дўстлик туманининг Ғафур Ғулом маҳалласида аҳоли ва ёшлар билан учрашди. Сайёр қабулда туман ҳокими ва барча туман ташкилотлари масъуллари, аҳоли ва ёшлар иштирок этишди. Мулоқот аввалида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди. Кузатилаётган мудҳиш жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари тилга олиноди.

Қайд этилишича, умумий овқатланиш шохобчаларида спиртли ичимликлар таъсирида куч-қувватга тўлган ёшларнинг жаҳл устида ва ўзини идора қилолмасдан жиноятга қўл ураётгани аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Ота-оналар фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмасликлари, жамоатчилик назоратини кучайтиришлари зарурлиги уқтрилди. Алоқадор ташкилотларнинг ёшлар билан ишлашда йўл қўяётган камчиликлари кўрсатилиб, жиноятчиликни жиловлашга ҳар бир киши масъул эканлиги таъкидланди.

Шундан сўнг 5 нафар ёшларга сафарбарлик чақирув резервида хизмат ўташ учун пуллари ҳамда 2 нафарига эса ҳайдовчилик гувоҳномаси учун тўловлар ўтказиб берилганлиги ҳақидаги сертификатлар, бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга мини печ, 16 ёшга тўлган 2 нафар шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар топширилди. Бундан ташқари, 5 нафар ташаббускор ёшларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Мулоқотда мурожаатчилар ўзларини қийнаётган ижтимоий-маиший, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, йўлларни таъмирлаш, шағал ётқизиш ва асфальт қилиш, алиментни ундириш, ишга жойлашиш, тижорат банкидан кредит олиш, электр трансформаторларини ўрнатиш, электр таянчларни алмаштириш кераклиги баён этилди. Қабул давомида 25 га яқин фуқаронинг фирибгарлик, қонунбузарларга чора кўриш каби муаммолари мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида ҳал этиш чоралари белгиланди.

Оммавий сайёр қабулда кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Вақт талаб этадиган муаммолар ижросини таъминлаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech