Сектор раҳбари аҳоли муаммоларини ўрганди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласида аҳоли ва ёшлар билан учрашди.
Сайёр қабулда фуқаролар томонидан ичимлик суви ҳамда табиий газ билан таъминлаш, электр таъминотини яхшилаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш учун кредит маблағи олиш, кўчаларни таъмирлаш, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, тиббиёт маскани фаолиятини йўлга қўйиш каби қатор масалаларда амалий ёрдам сўралди.
Қабулдан сўнг сектор раҳбари маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилди. Йиғилишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, жойлардаги муаммоларни манзилли ўрганиш ва бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи “Эгизбулоқ” маҳалласида янги ташкил этилаётган иссиқхона қурилишини кўздан кечирди. Ушбу иссиқхона фаолият бошлаши билан 10 киши иш билан таъминланади. Айни дамда ер қазиш ва сув билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Худди шундай, маҳалла фуқароларининг томорқадан фойдаланиш даражасига ҳам эътибор қаратилди. Шу маънода иссиқхона орқали даромад олаётган хонадонларда аҳоли билан суҳбатлар олиб борилди. Ютуқлари эътироф этилиб, мавжуд муаммолар тингланди. Уларни ҳал этиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.
Сайёр қабул доирасида Ёшлар фестивали ҳам уюштирилди. 15 сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтган тадбирда 3- сектор ҳудуддаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшларнинг рассомчилик, ҳунармандлик ва ҳайкалтарошлик намуналари кўргазмаси тенгдошлари ва қатнашчилар эътиборини тортди. Бундан ташқари, спортнинг шахмат ва стол теннис турлари бўйича мусобақалар, китоб ярмаркаси, концерт дастури ҳам ташкил қилинди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туман халқ қабулхонаси мудири ва барча туман корхона ҳамда ташкилотлар масъуллари ҳамроҳлигида ушбу кўргазмада намойиш этилган асарлар билан танишдилар. Тадбир давомида юртимизда ёшларнинг илм олиши ва касб-ҳунар сирларини ўрганишлари учун яратилган шароитлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, сектор ҳудудидаги ёшларнинг 4 нафарига ҳайдовчилик курсларида ўқишлари учун пул тўловлари тўланганлиги, 5 нафарига кредит маблағлари ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг 4 нафарига субсидия асосида суғориш анжомлари, 16 ёшга тўлган 4 нафар ёшларга эса ID карталар топширилди. Бир гуруҳ ташаббускор ёшлар эса фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.