26 Сентябр 2021 йил 674

Сектор раҳбари арнасойликлар билан учрашди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Арнасой тумани аҳолиси ва ёшлари билан учрашди. Тадбирда муаммолар ўрганилиб, уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Арнасой туманидаги “Баҳодирова Шаҳзода” масъулияти чекланган жамияти бевосита 3- сектор қўллаб-қувватлови билан шу йилнинг март ойида фаолият бошлаган эди. Пенаблок ишлаб чиқарувчи корхонада 5 киши иш билан таъминланган. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи мазкур тадбиркорлик субъектида маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ва сотуви билан танишди. Тадбиркор билан суҳбатда фаолиятни янада кенгайтириш бўйича билдирилган таклифларни ўрганиб чиқиш ва зарур ёрдам кўрсатилиши ҳақида масъулларга вазифалар юклатилди.

Шундан сўнг, вилоят 3- сектор раҳбарининг туман аҳолиси ва ёшлари билан оммавий сайёр учрашуви бошланди. Туман секторлари раҳбарлари, тегишли ташкилотлар бошлиқлари, ҳоким ўринбосарлари, сектор штаби аъзолари, вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари иштирокидаги учрашув аввалида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 8 нафар ёшларга “Ёшлар жамғармаси”дан олий таълимда ўқиши учун тўлов шартнома пулларининг 50 фоизини тўлаб бериш, 3 нафар “Аёллар дафтари”да рўйхатида турган хотин-қизларга имтиёзли кредит олиш бўйича сертификатлар берилди. Шунингдек, 4 нафар ташаббускор ёшлар сектор раҳбарининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган бўлса, вояга етган 3 нафар ёшга ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 1 нафар шахсга фуқароликни тасдиқловчи ID карталар топширилди.

Сайёр қабулда аҳоли ва ёшлар ўзларини қийнаб келаётган турли масалалар билан 3- сектор раҳбарига мурожаат қилиб, уларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Тадбирда ҳар бир масалани жойида ўрганилиб, тегишли масъулларга кўрсатма берилди. Оқар сув, кўчаларни таъмирлаш, асфальт қилиш, шағал ётқизиш, соғлиғини тиклаш, олий таълимдаги ўқишни давом эттириш учун шартнома тўлови, уй-жойни таъмирлашда моддий ёрдам кўрсатиш, бандликка оид ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида кўрилди. Ёшларнинг илғор ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Сайёр қабулда ижроси вақт талаб этадиган муаммолар бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech