25 Январ 2023 йил 468

Сектор раҳбари Форишда аҳоли ва ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

Фориш туманининг Оқтом маҳалласида мактабгача таълим ташкилоти биносининг қурилиши 2021 йилда бошланган. Ўтган давр мобайнида 100 ўринли бино қад ростлаб, бугунга қадар зарур жиҳозлар билан таъминланди. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров оқтомликлар билан мулоқоти аввалида ушбу масканда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Масъуллар билан суҳбатда муассасани иситиш тизими ва айрим камчиликларни қисқа фурсатда ҳал этиб, фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.

Бошқарма бошлиғи ҳудудда эҳтиёжманд оилаларда ҳам бўлди. Хусусан, Меҳнатобод қишлоғидаги 39 уйда истиқомат қилувчи Ғайбулла Абдужабборовнинг яшаш шароитини кўздан кечирди. Маълум бўлишича, оиладаги 3 нафар фарзанддан бири болалигидан ўзгалар кўмагига мухтож. Сектор раҳбари ушбу оилага ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклади. Бундан ташқари ушбу кўчада яшовчи фуқаролар бошқарма бошлиғидан саломатлигини тиклаш, кўмир билан таъминлаш, уй-жойини таъмирлаш каби қатор масалалар бўйича мурожаат қилишди. Ҳар бир масалага ечим топиш ва ҳал этиш бўйича алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берди.

Маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, инфратузилмани янада яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Фуқаролар эътирозига сабаб бўлаётган масалаларни ўз вақтида ва жойида бартараф қилиш лозимлиги уқтирилди.

Таъкидлаш жоиз, ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш чораси кўрилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойига қадар амалга ошириладиган лойиҳа якуни билан 3 минг 400 нафардан зиёд оқтомликларнинг ичимлик суви бўйича эҳтиёжи қондирилади.

Маҳалладаги 16- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда сектор раҳбаридан амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, бандлик, иссиқхона қуриш учун кредит ва субсидия ажратилиши, шу қаторда ўғирлик, фирибгарлик каби қонунни бузганларга чора кўриш каби масалалар баён этилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, мутасаддиларга ижросини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилди.

Тадбир давомида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 3 нафар ёшларга олий таълим учун шартнома пуллари ва бир нафарига сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиш учун учун тўловлар ўтказилганлиги ҳақида сертификатлар топширилди. Шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар вилоят ИИБ бошлиғининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланди.

Шу куни вилоят ИИБ бошлиғи туман 3- сектори ҳамда мутасадди корхона ва ташкилотлар томонидан маҳаллада уйма-уй юриш орқали муаммоларни ўрганиш, ҳудуд имкониятидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини уқтирди. Шу асосида маҳалла фаоллари ва сектор масъуллари қабулдан сўнг аҳоли хонадонларида бўлишди. 74 ёшли Унсин Маҳмудованинг ўғлини нафақага чиқариш бўйича мурожаати ўрганилиб, ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди. Шунингдек, Зебо Тўраеванинг олий таълим муассасасида таълим олувчи қизи учун вақтинчалик турар жой билан таъминлаш ёки ижара тўловида амалий ёрдам кўрсатилиши тушунтирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech