11 Март 2022 йил 589

Сектор раҳбари қипчоқсувлик фуқаролар билан мулоқот ўтказди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров томонидан Ғаллаорол туманининг Қипчоқсув қишлоқ фуқаролар йиғинида сайёр қабул уюштирди. 3- сектор раҳбарининг сайёр қабули аввалида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида кўргазма ташкил этилди. Чунончи, ҳудуд ёшлари томонидан тайёрланган халқ амалий санъати намуналари, хусусан, ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат, ҳунармандчилик намуналари, шунингдек фан ва спорт соҳасида эришилган натижаларни ифодаловчи фахрий ёрлиқлар, медаль ва кубоклар намойиш этилди. Ўқувчилар миллий чолғуларда куйлар ижро этишди.

Бундан ташқари ички ишлар органлари кинологлари хизмат итлари ёрдамида жиноятларни фош этиш ва қонунбузарларни тутишга оид салоҳиятларини кўрсатдилар. Худди шундай, ёшлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари фойдаланувидаги қуроллар, яроғ ва аслаҳалар билан танишиш имкониятига эга бўлишди. 

Вилоятдаги ихтисослашган шифохоналар ҳамда Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасининг шифокорлари томонидан хоҳловчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан ёшлар, аёллар ва темир дафтарда турганларга дармондорилар, сув фильтрлари, кўзойнаклар тарқатилди.

Фестиваль давомида 3- сектор раҳбари сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган шароитлар ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Сўнг ёшларнинг 2 нафарига олий таълим контракт тўлови, яна 2 нафарига сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиш тўлови, 2 нафарига эса 1 гектар ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. 8 нафар ёшга ўт ўриш ускуналари берилди.

Шунингдек, 9 та ўртаумумтаълим мактабига овоз кучайтиргич, яна 4 та мактабга чолғу асбоблари ва овоз кучайтиргич, 1 та мактабга спорт анжомлари ажратилди. Икки нафар фуқаро ногиронлик аравачасини қабул қилиб олди. Худди шундай, 5 нафар ёшга тантанали равишда фуқароликни тасдиқловчи  ID карталар топширилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида фаол ўқувчилар фахрий ёрлиқ ва китоблар билан рағбатлантирилди.

Шундан сўнг ҳудуддаги аҳоли пунктларида фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар, усталар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан тайёрланган маҳсулотлар билан танишилди. Сайёр қабулда туманнинг Солин, Толлисой, Нақрач, Қайроғочли, Ширинбулоқ, Кичиксой, Жийдали, Каттасой каби 10 дан зиёд қишлоқларида яшовчи 60 нафардан ошиқ фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Улар томонидан электр, суюлтирилган газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, йўллар таъмири, тадбиркорлик учун бино, ер, кредит, субсидия ажратиш, соғликни тиклаш, даволаниш, пенсия миқдорини ошириш, фирибгардан пул ундириш, уй таъмири, ишга жойлашиш каби масалалар юзасидан талаб ва таклифлар билдирилди. 3- сектор раҳбари, Ғаллаорол тумани ҳокими Жалол Оқбоев, вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчилари ҳамкорлигида кўтарилган масалаларни ҳал қилиш чораларини белгиланди.

Айтиш жоиз, 3- сектор раҳбари томонидан ўтказилаётган сайёр қабулларда асосий эътибор бир марталик ёрдам кўрсатишга эмас, балки ҳар бир фуқарони тадбиркорликка жалб этишга, шу орқали одамларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларига қаратиляпти. Бундай сайёр қабуллар 3- сектордаги барча қишлоқ ва маҳаллаларда белгиланган режа асосида ташкил қилинаётир.

Text to speech