Сектор раҳбари янгиободликлар билан учрашди
“Янги Ўзбекистонни” қуриш даврида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқаролар учун муносиб шароитларни яратиш, ҳаттоки энг чекка қишлоқларда ҳам аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Бу борада айнан секторлар фаолияти давлат органлари ва жамоатчилик тузилмаларини халққа яқинлаштириб, уларнинг дарди билан яшашни ўргатди десак хато бўлмайди. Жиззах вилояти 3- сектор раҳбарининг Янгиобод тумани “Дўстлик” маҳалласида аҳоли, хусусан ёшлар билан учрашувида ҳам барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди. 6- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтган қабул аввалида сектор раҳбари туман ҳокими ва масъуллар билан биргаликда ҳунармандлар ва тадбиркорларнинг маҳсулотлари кўргазмаси билан танишишди.
Шунингдек, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 36 та корхона ва ташкилотлар 133 та бўш иш ўринлари билан иштирок этаётгани маълум қилинди. Мактабнинг спорт залида ўқувчиларнинг спорт турлари билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди. Спорт тўгараклари фаолияти, қатнашчилар ва уларнинг эришаётган ютуқлари билан қизиққан раҳбарлар, ёшлар ўртасида спорт турларини янада оммалаштиришга қаратилган таклифларини билдиришди.
Тадбир давомида Дўстлик маҳалласининг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларининг 8 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари, 16 ёшга тўлган 5 нафар ёшларга ID карталар топширилди. 10 нафар ташаббускор ёшлар эса фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан рағбатлантирилди.
Сектор раҳбарининг фуқаролар билан мулоқотида аҳоли томонидан ичимлик суви ҳамда табиий газ таъминоти, кўчаларни асфальт қилиш ва шағал ётқизиш, 9- мактаб ҳамда фуқаролар йиғини биносини таъмирлаш каби қатор масалаларда амалий ёрдам сўралди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, маҳаллада «соҳабай», «маҳаллабай» ва «фуқаробай» иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчисига топшириқлар берилди ва мурожаатлар ечими бўйича аниқ муддатлар белгиланди.
Сайёр қабул доирасида Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг мобил поликлиникаси шифокорлари томонидан маҳалла аҳолиси учун тиббий кўрик, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўлими ходимлари томонидан аёллар билан суҳбатлар уюштирилди. Мулоқотларда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш ва реаблитация этиш сайёр автобусида мутахассислар томонидан аёлларга ҳуқуқий-психологик ёрдам берилди.
Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Чаканд қишлоғида истиқомат қилувчи 75 ёшли Рўзижон она Турдиқулова ҳолидан хабар олди. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган онахон билан суҳбатда юртимизда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, онахонга зарур ёрдам кўрсатилиши айтилди. Бундан ташқари, маҳалладаги ижтимоий ахволи оғир хонадонлар, сурункали ва оғир касаллиги туфайли даволаниб келаётган фуқаролар хонадонларида ҳам бўлинди. Уларга зарурий тиббий ва моддий кўмак берилди.
Сайёр қабулда баён этилган табиий газ билан таъминлаш тўғрисидаги масала ҳам жойида ўрганилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи шу жойда ҳокимлик ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари раҳбарлари ҳамда ҳоким ёрдамчиси билан мулоқот ўтказди. Ҳудудни ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Таъкидлаш жоиз, туман 3- сектори томонидан ҳудуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, “Ёшлар дафтари”да рўйҳатда турган Умаржон Назарқуловнинг тадбиркорлик лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Бугунда ёш тадбиркорнинг автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчасида 5 нафар фуқаро доимий иш билан банд.
Маҳаллада 3 та қишлоқ бўлиб, мавжуд 11 та кўчанинг аксариятига ўтган йили шағал ва асфальт ётқизилган. Мазкур сайёр қабулда қолган кўчаларни таъмирлаш билан боғлиқ масала шу куннинг ўзида ҳал этилди. Чунончи, Чаканд қишлоғининг Боғистон кўчасига шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилди.
Албатта, аҳолини қийнаётган масалаларнинг мутасаддилар томонидан ўрганилиб, уларнинг жойида ҳал этилиши инсонлар турмуш маданиятини янада юксалтиришга замин яратади. Ўз навбатида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик лойиҳаларини жорий этиш, асосийси фуқаролар розлигига эришилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати