Сектор раҳбари мактабда ўтказилган “Мустақиллик дарси”да иштирок этди
Жиззах вилояти Зомин тумани Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30- сонли ўрта умумтаълим мактабида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда мактаб педагогик жамоаси, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда вилоят ИИБ вакиллари иштирок этдилар. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида бўлиб ўтган маросимда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз таълим тизимида кечаётган ислоҳотлар, ёшларга қаратилаётган эътибор ҳамда уларнинг эл-юрт олдидаги масъулияти хусусида тўхталдилар.
Тадбир давомида мактабнинг 1- синфига қабул қилинган болаларга ўқув қуролларидан иборат президент совғалари топширилди. Тантанали маросимда мактаб ўқувчилари жамоаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан тайёрланган бадиий композицион дастур намойиш этилди. Тадбир якунида янги ўқув йилининг илк қўнғироғи янграб, ўқувчилар синфхоналарга йўл олишди. Сўнг Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи 11- синф ўқувчиларига Мустақиллик дарси ўтди. Айтиш жоиз ушбу мактаб вилоят ИИБ оталиғида.
Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманнинг 3- секторида жойлашган калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Оқсарой текстил Жиззах” корхонаси фаолияти билан танишди. Мазкур корхонада тайёрланаётган калава ип хорижга экспорт қилинмоқда.
Бошқарма бошлиғи “Оқсарой текстил Жиззах” корхонаси қошида очилган мактабгача таълим ташкилоти ва ўрта умумтаълим мактабида ҳам бўлди. Бу ерда 3- сектор раҳбари болалар ва ўқувчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Меҳмонларга ўқув муассасаларида қўлланилаётган таълим технологиялари ва услублари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.