19 Май 2023 йил 562

Сектор раҳбари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий объектларни ўрганди

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Арнасой туманининг 3- секторидаги бир қатор ижтимоий-иқтисодий объектларда бўлиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан фаоллар ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Дастлаб сектор раҳбари туман секторлар раҳбарлари билан бирга ғўза қатор ораларига ишлов бериш ишларининг бориши билан танишди.

Жараёнда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишига эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилди. Шу қаторда экин майдони атрофидаги ерлардан унумли фойдаланиш масаласига ҳам диққат қилинди. Шунингдек, Оқбулоқ сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган “Холиқ бобо дуоси” фермер хўжалиги фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Маълум қилинишича, хўжаликнинг 16 гектар ер майдони бўлиб, 6 гектарида интенсив усулда узум етиштирилаяпти. Бундан ташқари балиқчилик ва паррандачилик ҳам ривожлантирилмоқда.

Шу кунларда туманнинг Бобур маҳалласидаги 22- сонли ўрта умумтаълим мактабида таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. 15 апрелда бошланган бунёдкорлик ишлари янги ўқув йилига қадар тамомланиши режа қилинган. Бугунга қадар ўқув биноларининг шиферлари янгиланди. Бошқарма бошлиғи ушбу ишларни ҳам ўрганиб, қурувчилар билан мулоқот қилди. Иш сифатини яхшилаш, зарур қулайликни яратиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.

Тадбир чоғида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Шу маънода тикувчилик цехлари фаолияти билан танишган сектор раҳбари тикувчилар билан суҳбатда бўлиб, фаолиятни кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратишга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шу куни аҳолининг томорқадан фойдаланишларига ҳам эътибор қаратилди. Балиқчилик ва иссиқхона йўналишларида фаолият юритаётган якка тартибдаги ҳамда оилавий тадбиркорлар билан мулоқотлар қилинди. Илғор тажрибаларни оммалаштириш лозимлиги қайд этилди.

Жараёнда маҳалла маркази қурилиши, тиббий пункт ҳамда ўрта умумтаълим муассасаларида ўқувчиларнинг таълим олиши учун юзага келтирилган қулайликларга ҳам эътибор қаратилди. Фаоллар ҳамда масъулларга “хонадонбай” ва “фуқаробай” ишлаш орқали аниқланган камчиликларни ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Text to speech