29 Апрел 2021 йил 946

Сектор раҳбари зафарободлик аҳоли ва ёшлари билан учрашди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зафаробод туманида аҳоли, хусусан, ёшлар билан учрашди. Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган навбатдаги сайёр қабулида “Писталикент” ва “Нурафшон” шаҳарча аҳолиси иштирок этди. Тадбир аввалида ҳудудни обод қилиш, эҳтиёжманд аҳоли қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида маълумот берилди. Шундан сўнг, муаммолар тингланди.

Фуқаролар томонидан асосий масала сифатида ички кўчаларни таъмирлаш, табиий газ ва электр таъминоти билан боғлиқ, ижтимоий ҳимоя ва тўловлар, уй-жой масалалари кўтарилди. Қабулда шу каби ва мактабгача таълим ташкилоти биноси таъмирланаётгани сабабли бўш турган ўрта умумтаълим мактаби биносидан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредит олиш, бандлик масалаларини ҳал этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Зулхумор Азимова 3-сектор раҳбарининг аввалги сайёр қабулида баён этган мурожаати кўп ўтмасдан ҳал этилган. Бугунги сайёр қабулда эса миннатдорчилик билдириб, яна бир муаммо юзасидан амалий ёрдам сўради.

“Нурафшон” шаҳарча фуқаролар йиғинида 64 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”да рўйхатда туради. Улардан бири Саломат Тўхтамуродова қабулда иш сўраб мурожаат қилди. Масъуллар томонидан мавжуд бўш ўринлари тўғрисида маълумот берилди ва мурожаатчи шу ернинг ўзида иш билан таъминланди.

Сайёр қабулда жами 80 нафардан зиёд фуқаро муаммолари кўрилди. Уларнинг 25 таси жойида ҳал этилди. Қолган масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, тадбир давомида ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларнинг 11 нафарига ўзини-ўзи банд қилишлари учун электр печ берилди. “Темир дафтар”да турганларнинг 5 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, 4 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятларини бошлашда имтиёзли кредит олишлари учун сертификат ҳамда 5 нафар ёшларга фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. 6 нафар ташаббускор ёшларга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномалари тақдим этилди. “Обод маҳалла” дастури доирасида “Нурафшон” маҳалласига 2 дона трансформаторлар ўрнатилиши таъминланди.

4 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади “Нурафшон” шаҳарчасида 16 та оила “Темир дафтар” ва 143 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”да рўйҳатда туради. Сектор томонидан уларни даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Сайёр қабулдан сўнг 3-сектор раҳбари туман ҳокими ва масъуллар иштирокида “Нурафшон” маҳалласида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари билан танишди ва ҳудудда ободлик ишларини бошлаш бўйича масъулларга топшириқлар юклади. Шаҳарча марказидаги мана бу бино аввал маданият саройи бўлиб, бугунги кунда қаровсиз қолган. Бошқарма бошлиғи ушбу бинодан самарали фойдаланиш, чунончи хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга оид лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech