6 Май 2022 йил 537

Сектор раҳбарлари афв этилганлар билан мулоқот ўтказди

Рамазон ҳайити арафасида мамлакатимиз раҳбарининг адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29 апрелдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Жиззах вилоятида яшовчи 3 нафар фуқаро озодликка чиқди ва яна бир нафарининг жазоси енгиллаштирилди. Яхши маълумки, жазони ижро этиш муассасаларидан эркинликка чиқарилган шахсларни ижтимоий мослаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.

Шу маънода, Жиззах вилояти ҳокимлигида секторлар раҳбарлари озодликка чиқарилган шахслар билан мулоқот қилишди. Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бандлик, соғлиқни сақлаш ташкилотлари вакиллари қатнашдилар. Учрашув давомида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев сўзга чиқиб, инсонпарварликка асосланган ушбу фармоннинг ижроси, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталдилар.

Шундан сўнг авф этилганларнинг муаммолари ўрганилди. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш, ID карта расмийлаштириш, бандлигини таъминлашга оид масалалар кўтарилди.

Мулоқотда афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга секторлар кесимида кўмак беришга қаратилган чоралар белгиланди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech